Главная » 2015 » Январь » 26 » “Қийшиқ” иншоотлар
19:10
“Қийшиқ” иншоотлар

Қадимда минора ёки бинонинг бир томонга оғиши нотўғри ҳисоб-китоблар оқибатида юз берган бўлса, ҳозирда архитекторлар бундай иншоотларни ўзлари ўйлаб топишмоқда.

1. Татлин минораси. 1919 йили архитектор Владимир Татлин Москва ёки Ленинградда қад кўтариши мўлжалланган минора лойиҳасини яратган. Унинг баландлиги 400 метр, оғиш даражаси — 23,5 даража. 

Ушбу лойиҳада икки металл спиралнинг бир-бири билан мутаносиб ҳолда тикланиши кўзда тутилганди. Бинонинг пастки қисми йил давомида бир марта айланарди. Унинг устида эҳром шаклидаги бино бўлиб, у бир ойда бир марта ўз ўқи атрофида айланарди. Аммо бу лойиҳа қоғозда қолиб кетган.

2. “Европа дарвозалари” (Puerta de Europa de Madrid) — эгизак миноралар. У дунёдаги биринчи оғма осмонўпар бинодир. 1994 йилда бунёд этилган миноралар бир-бирига қараб 15 даража бурчак остида оғиб туради. Баландлиги 114 метр, 26 қаватдан иборат. Иккала миноранинг қурилиши бир вақтда бошланган ва бир вақтда ниҳоясига етказилган. 

Иморат қовурғаси (каркаси) зангламайдиган пўлатдан қилинган. Ичкарида ўлчами 60×10×10 метрли монолит бетондан тайёрланган шайин 15 даражали бурчакни мувозанатда ушлаб туради.

3. Швециядаги Каролина тиббиёт институтининг “Aula Medica” аудиорияси. V ҳарфи шаклидаги маърузалар корпусининг конференц-зали майдони 13 700 кв. метрга тенг.

Архитекторларга баландлиги уч қаватли бино билан тенг минг кишилик зални иншоот ичига сиғдириш вазифаси қўйилганлиги боис корпус мана шундай кўринишда бунёд этилган. 

Фасад тизими вертикал ёғоч тўсинлар ва диагонал синчлардан ташкил топган.

4. Иссам Фареснинг ижтимоий сиёсат ва халқаро алоқалар институти, Байрут, Ливан. “Zaha Hadid Architects” лойиҳаси. Архитекторлар олдига қўйилган вазифа мураккаб эди: институтнинг янги замонавий биносини XIX аср иншоотига “сиғдириш” керак эди. Оқибатда умумий майдони 3000 квадрат метрни ташкил этувчи уч қисмдан иборат тузилма пайдо бўлди.

Уч қисмли тузилма вертикал бўйлаб ривожланиб боради ва ҳар бир қисмнинг ўз кириш йўли мавжуд. 

Бино монолит темир-бетондан тикланган. Бинонинг барча деталлари моҳирона ишланган.

5. Монреал минораси. Монреаль, Канада. Минора Монреалдаги Олимпия стадионининг бир қисми ҳисобланади. Унинг баландлиги 175 метр бўлиб, дунёдаги энг баланд оғма минорадир. Унинг юқори қисмида томоша майдончалари жойлашган.

Ташриф буюрувчилар 76 киши сиғадиган шаффоф фуникулерда юқорига кўтарилишлари мумкин. Унда махсус гидравлик тизим бўлиб, у юқорига бўладиган икки дақиқалик саёҳат давомида каютани горизонтал ҳолатда тутиб туради.

Миноранинг оғиш бурчаги — 45 даража. Дарвоқе, Пиза минорасининг оғиш бурчаги атиги 5 даражага тенг. Минора юқори қисмининг оғирлиги — 8000 тонна, бетон пойдеворнинг оғирлиги эса 145 000 тонна.

6. “Capital Gate” осмонўпари. Абу-Даби, БАА. Баландлиги 160 метрли бу оғма бино 2011 йил охирида фойдаланишга топширилган. Унинг оғиш бурчаги 18 даражани ташкил этади.

Бинонинг пойдевори 30 метр чуқурликка қоқилган 490 та устун билан мустаҳкамланган. Бинонинг асосини эса 8,5 мингта пластинадан иборат пўлат “скелет” ташкил этади.

Пўлат арматуралардан тўқилган панжаралар ҳар бирининг оғирлиги 5 тонна келадиган 18 та шиша кўзгудан иборат ишлов берилган олмос кўринишидаги 728 та улкан шиша панеллар билан қопланган. Минорада жами 12,5 мингта шиша кўзгу бор. 

7. “Excalibur” қоядроми. Гронинген, Голландия. Экскалибур — альпинистлар учун мўлжалланган дунёдаги энг баланд девор. Голландияда тоғлар йўқлиги боис мазкур шаҳар ҳокимияти тоғларда дам олишни хуш кўрувчилар учун шароит яратишган. 

Унинг баландлиги 37 метр. Фақат тажрибали альпинистларгина уни забт эта олишади. Истаган одам ўзини альпинист сифатида синаб кўриши мумкин. 

8. “CCTV” штаб-квартираси. Пекин, Хитой. Бино 2009 йилда қурилган, ҳозир бу ерда Хитой марказий телевидениесининг офиси жойлашган.

Баландлиги 234 метр, 54 қаватли. Унинг кўриниши ҳам ажойиб. Қиялаган миноралар бир-бири билан юқори қисмлари орқали туташган.

Ҳар икки миноранинг оғиш бурчаги 6 даража бўлиб, улар бир-бирини суяб туради.

9. “Torre de telecomunicaciones de Montjuïc” (Монжуик телекоммуникация минораси). Барселона. Испания. Миноранинг умумий баландлиги 136 метр. У 17 даража бурчак остида оғиб туради.

Минора асоси косани эслатувчи конструкциядан иборат. Коса марказида телеантенна бўлиб, у қуёш соати вазифасини ҳам бажаради.

10. Америкадаги “Пиза минораси”.  Найлс, АҚШ. Бу “Пиза минораси” қурилганига 70 йилдан ошди.

У сув тортиш минораси бўлиб, Пиза минорасининг икки баравар кичайтирилган нусҳасидир. Оғиш бурчаги — 5,3 даража.

11. “Bella Sky Hotel”. Копенгаген, Дания. “Bella Sky”ни дунёдаги энг оғиб турувчи меҳмонхона деб аташ мумкин. У баландлиги 76,5 метрли икки минорадан иборат бўлиб, уларнинг оғиш бурчаги 15 даражани ташкил этади.

Меҳмонхонада 814 та номер бўлиб, уларнинг ҳар бирининг деразасидан Амагер парки ва Орестад райони ҳамда Копенгагеннинг тарихий обидалари кўриниб туради.

12. Денвер бадиий музейи, Денвер, Колорадо, АҚШ. Бино худди қулаб тушаётгандай таассурот уйғотади. Музейнинг вертикал деворлари йўқ.

Конструкторлар бинони лойиҳалаштириш учун махсус 3D моделдан фойдаланишган. Иншоотнинг барча қисмлари заводда тайёрланган бўлиб, қурилиш майдонида йиғилган. 

Пойдевори 116 та устунга ўрнатилган. Синчи пўлат қовурғалардан иборат (оғирлиги 2740 тонна, 3100 та пўлат тўсин + 16 500 та бошқа пўлат қисмлар, 50 000 та болт, 2850 та пайванд чоки). Тўсиқ сифатида титан ва гранит плиталардан фойдаланилган.

13. “Лахта центр”, Санкт-Петербург, Россия. Санкт-Петербургда қурилаётган “Лахта центр” мажмуаси ўзига хос конструкцияси билан ажралиб туради.

Бинонинг баландлиги ўзгарувчан —22 дан 84 метргача.

Категория: QIZIQLI MAG'LUMATLAR | Просмотров: 615 | Добавил: super | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar